Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт вазирлиги делегацияси ICAO симпозиумида иштирок этмоқда

Чоп этиш Саҳифани улашиш
31.05.2023 1579 Yangiliklar

 

Транспорт вазири Илхом Махкамов бошчилигидаги делегация 2023 йил 30 майдан 1 июнгача Корея Республикасининг Сеул шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) томонидан ташкил этилган Жорий этишни қўллаб-қувватлаш глобал симпозиумида (GISS) иштирок этмоқда.

 

Ушбу тадбир ICAO Жаҳон авиация форуми (IWAF), Авиация ҳамкорлиги бўйича глобал симпозиум (GACS) ва TRAINAIR PLUS глобал авиация тренингини ўзида бирлаштириб, унинг доирасида энг сўнгги инновациялар, операцион ечимлар ва авиация барқарорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар кўриб чиқилади.

 

Симпозиум доирасида Ўзбекистон делегацияси халқаро авиация стандартларини самарали жорий этишга кўмаклашувчи минтақавий, глобал ва давлат стратегияларини муҳокама қилувчи давра суҳбатида ҳам иштирок этди. Ушбу давра суҳбатида ICAO билан халқаро фуқаро авиациясининг ривожланишини тезлаштириш ва барқарорлигини ошириш учун ресурсларни сафарбар қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, авиация ходимларининг малакасини ошириш масалалари муҳокама этилади.

 

ICAOнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини ривожлантиришдаги ролини алоҳида таъкидлаш муҳимдир. 1992 йил 3 июлда Ўзбекистон Парламенти томонидан Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенция ратификация қилинган ва 1992 йил 12 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси тегишли мажбуриятларни ўз зиммасига олган ҳолда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ICAO) тўла ҳуқуқли аъзосига айланган. Ўзбекистон Республикасининг авиация қоидалари ва республиканинг фуқаро авиацияси соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ICAO халқаро стандартлари асосида қабул қилинади, бу эса парвозлар хавфсизлигини узлуксиз таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш назоратини ташкил этиш текширувларини ўтказиш бўйича ICAO Универсал дастурида, шунингдек, Ташкилотга аъзо давлатларда авиация хавфсизлиги соҳасида текширишлар ўтказиш дастурида иштирок этади. Мамлатимиз фуқаро авиациясини ривожлантиришда ICAO билан ҳамкорликнинг роли катта.