Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Покистоннинг ТCS транспорт-логистика компанияси Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш ниятида

Чоп этиш Саҳифани улашиш
03.08.2022 2938 Yangiliklar
 
 
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Покистоннинг йирик транспорт-логистика компанияси ТCS раиси Холид Аван билан учрашди.
 
Учрашувда томонлар транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликдаги алоқаларни ривожлантириш, Ўзбекистондан Покистон ҳудуди орқали халқаро денгиз портларига олиб чиқувчи транспорт коридори бўйлаб барқарор юк ташувларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.
 
Покистон томони Ўзбекистон Республикасининг халқаро транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, минтақа транзит салоҳиятини яхшилаш ва жанубий йўналиш бўйлаб Покистонга/дан хавфсиз ва барқарор юк ташувларини йўлга қўйиш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
 
Холид Аван Ўзбекистонда доимий фаолият юритишни йўлга қўйиш ва Марказий Осиё минтақасидан юк ташувларини ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда ТCS компанияси ваколатхонасини очиш ниятида эканлигини маълум қилди.
 
Шу билан бирга Холид Аван ўзаро ҳамкорлик алоқалари доирасида ТCS компанияси ўзбекистонлик талабаларни Покистон олий ўқув юртларида транспорт-логистика соҳасида таҳсил олишини ташкил этиш бўйича молиявий кўмак кўрсатишини таъкидлаб ўтди.
 
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва юк ташиш шартларини яхшилашга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.