Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
18.10.2022 2809 Yangiliklar

 

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 2022 йил 18 октябрь куни Душанбе шаҳрида "Тожикистон ва минтақа давлатлари ўртасида транспорт коммуникацияларини ривожлантиришда логистика ва унинг афзалликлари" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди.

 

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов конференцияда сўзлаган нутқида бугунги геосиёсий вазият барчани белгиланган стандарт йўналишларни қайта кўриб чиқишга ва муқобил транспорт йўналишларни ташувлар жараёнининг муҳим таркибий қисми сифатида эътироф этган ҳолда ривожлантиришга ундаётганини таъкидлаб ўтди.

 

Бугунги кунда Марказий Осиё минтақаси Шарқий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ, Европа ва МДҲ мамлакатларидан қўшимча ҳажмдаги транзит юкларни жалб қилиш учун улкан имкониятга эга. Айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳудудларни бир-бирига боғлай оладиган янги транспорт коммуникацияларини барпо этиш бўйича фаол ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” ва “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлларини қуриш лойиҳаларида иштирок этиши шулар жумласидан.

 

Қолаверса, минтақа давлатларининг биргаликдаги саъйи-ҳаракатлари билан “Хитой – Тожикистон – Ўзбекистон”, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Афғонистон” ва “Осиё тинч океани минтақаси мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа” янги мультимодаль транспорт йўналишлари йўлга қўйилди.

 

Илҳом Маҳкамов бугунги мураккаб вазиятда юкларни анъанавий тарзда етказиб бериш занжири жиддий равишда бузилиб, айрим йўналишларда мутлақо фалаж бўлиб қолганини инобатга олган ҳолда янги логистика йўналишларини барпо этиш давр талаби эканлигини таъкидлаб, ушбу йўналишда қатор таклифларни илгари сурди.   

 

Жумладан, Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон/Тожикистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия – Европа йўналишида мультимодаль транспорт-логистика коридорини яратиш бўйича биргаликда ҳаракат қилиш. Ушбу ташаббусни амалга ошириш учун ҳар бир томон мувофиқлаштирилган ҳолда иш тутиши лозим, шу муносабат билан иштирокчи мамлакатлар вакилларидан иборат доимий Ишчи гуруҳ тузиш ва унинг биринчи йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш ;

 

халқаро юк ташувлар жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш бугунги куннинг зарур ва муҳим талаби эканлигини инобатга олган ҳолада транспортда рақамли технологиялар турларини ва жорий этиш географиясини янада кенгайтириш;

 

шунингдек, халқаро юк ташувлари жараёнида чегара-назорат пунктларидан ўтиш ва виза олиш жараёнларини соддалаштириш, тўлов ва йиғимларни оптималлаштириш ва камайтириш таклифини билдирди.

 

И.Маҳкамов мазкур конференция мамлакатларимиз ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим рол ўйнашига ишонч билдириб, тадбир давомида илгари сурилган фикр ва таклифлар амалий ечимлари билан иқтисодий ва транспорт алоқаларини янада яхишилашига ҳисса қўшишини таъкидлади.