Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг иккинчи босқич қурилиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда

Чоп этиш Саҳифани улашиш
18.03.2021 5510 Yangiliklar

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метрополитени линиясининг 2-босқичини қуриш ишлари давом эттирилмоқда.

Маълумки, темирйўлчилар томонидан 2020 йилда ер ости Юнусобод линиясининг узунлиги 2,9 километр бўлган “Туркистон” ва “Юнусобод” метро бекатлари ҳамда ер усти ҳалқа метро линиясининг 1-босқичида 11,5 километр бўлган “Дўстлик – Қўйлиқ” участкаси бунёд этилиб, жами 7 та бекат фойдаланишга топширилган эди. Айни пайтда ушбу йўналишдан кун давомида 15 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланмоқда. Йил охирида эса 5 та бекатдан иборат Сергели линияси ҳам қуриб битказилди ва бугунги кунда ушбу йўналишдан ҳар куни 20-25 минг йўловчи ўз манзилларига етиб боришлари учун катта қулайлик ва имконият яратилди. 2020 йилнинг декабрь ойида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси томонидан ер усти ҳалқа метро линиясининг 2-босқичида 15 километрлик “Қўйлиқ – Қипчоқ – Янги ҳаёт” участкасида қурилиш ишлари бошланган эди. Айни пайтда ушбу участка ҳудудларида қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Тошкент ҳалқа ер усти метро йўлининг 2-босқичи Қўйлиқ бозоридан Тошкент шаҳрининг Миробод ҳамда Сергели туманидан ўтган Катта ҳалқа йўли, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Хонобод кўчаси ҳамда Сергели туманининг Қипчоқ кўчасидан ўтиб, Сергели линиясининг 5-бекатига уланади ҳамда Янги ҳаёт туманига етказилади. 15 километрлик умумий узунликка эга ушбу участкада 9 та бекат қуриш режалаштирилган. Эътиборлиси, метронинг 2-босқичи 9-бекати Янги ҳаёт туманидаги Кўп тармоқли касалхона, Тошкент металлургия заводи ҳамда яқин орада қуриладиган ва келгусида 60 минг аҳоли истиқомат қилиши кўзда тутилган мега лойиҳа – “Minerva sity” ҳудудига яқин жойда қурилади. Сабаби ушбу ҳудудда янги кўп қаватли турар жойлар қурилади ҳамда аҳоли ташрифи янада ортади. Метро бекати эса ушбу ҳудуд аҳолиси ва бу ерга ташриф буюрадиган йўловчилар учун муҳим транспорт турига айланади.

Бугунги кунда лойиҳанинг 2-босқич қисмида режага кўра, 538 та устундан 25 таси ўрнатилди, уларга босқичма-босқич ригеллар монтаж қилинмоқда. Ушбу участкада лойиҳага кўра 3 минг 228 та балка ўрнатиш белгиланган бўлса, ҳозирда уларнинг 129 таси ўрнатилди. Бугунги кунда Катта ҳалқа йўли, Хонобод ҳамда Қипчоқ кўчаларида ер усти метро участкасини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Қўйлиқ ҳудудидан Катта ҳалқа йўли бўйлаб қарийб 600 метр йўналиш бўйлаб пойдевор, устун ҳамда ригеллар ва уларга 26 метрлик балкалар ўрнатилди ҳамда бетон ишлари тугатилди. Хонобод кўчасида эса пойдевор, устун ва ригелларни ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда. Қипчоқ кўчасида ҳам пойдеворлар қазилиб, устунларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур лойиҳа қурилиш ишларига 150 дан ортиқ техника, машина ва механизмлар ҳамда 3 минг 500 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи-ходим жалб қилинган. Улар техника ва меҳнат муҳофазаси ҳамда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда иш олиб боришмоқда ва кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Қурилиш объектига зарур маҳсулотлар ҳам ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Шунингдек, қурилиш техникалари ва автотранспорт воситаларини сақлаш ва таъмирлаш учун 2 та база ташкил этилган. Ер  усти  ҳалқа  метросининг қурилиш  жараёнида  бажарилаётган ишлар сифати бўйича Давлат архитектура ва қурилиши назорати инспекцияси ҳамда “Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси мутахассислари томонидан мунтазам назорат олиб борилмоқда.

Қурилиш ишлари олиб борилаётган участка йўлларида муҳандислик коммуникацияларини бошқа ҳудудларга кўчириш ва уларни тармоқларга улаш, йўл-транспорт инфратузилмалари ва автомобиль йўлларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Унга кўра “Қўйлиқ – Қипчоқ – Янги ҳаёт” участкаси доирасида қурилиш майдонида мавжуд сув, оқова, газ тармоқлари, турар ва нотурар бинолар қурилиш майдонидан бошқа ҳудудга кўчирилмоқда.

“Қўйлиқ – Қипчоқ – Янги ҳаёт” участкаси фойдаланишга топширилгач, бир кун давомида 46 минг йўловчи ташилиши режалаштирилган. 700 га яқин янги иш ўрни ҳам яратилади. Айни пайтда режага кўра барча қурилиш ишлари белгиланган тармоқ жадвали асосида амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз режага кўра Тошкент ҳалқа ер усти метрополитени линиясининг умумий узунлиги 54,8 километрдан иборат бўлиб, мавжуд Ўзбекистон, Сергели, Чилонзор ҳамда Юнусобод йўналишларига тўғридан-тўғри уланади.

 

Зафар МАХАМАТОВ,

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг

 бош менежер – бош муҳандиси