Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ўзбекистон “Шимол-Жануб” йўналиши бўйлаб янги мультимодал транспорт йўлагини ташкил этмоқчи

Чоп этиш Саҳифани улашиш
25.11.2022 3396 Yangiliklar

 

Мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, минтақавий иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашда халқаро транспорт коридорлари муҳим аҳамиятга эга. 

 

Осиё ва Европа ўртасидаги юк ташиш ҳажмининг ортиши фонида халқаро транспорт коридорлари, жумладан мультимодал йўлакларнинг ўтказиш қобилиятини ошириш ва фаолиятини барқарорлаштириш вазифаси бугунги кунда тобора долзарб бўлиб бормоқда. 

 

Бангкокда бўлиб ўтаётган Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCATO)нинг Транспорт бўйича қўмитаси 7-ялпи мажлиси доирасида “Шимол-Жануб халқаро транспорт коридори имкониятлар ва муаммолар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида халақаро транспорт коридорларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

 

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт Стратегиясида мамлакатимиз транзит имкониятларини ошириш, ташқи савдо юкларини ташиш учун “яшил йўлаклар” яратиш ҳамда транзит юк ташиш ҳажмини ошириш устивор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. 

 

Ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалардан бири “Шимол-Жануб” йўналиши бўйлаб Ўзбекистон Республикаси орқали, шу жумладан Трансафғон йўлагида мультимодал юк ташувларини ривожлантириш ҳисобланади.

 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан ҳамкорликда юкларни мавжуд транспорт йўлакларидан, асосан денгиз йўналишларидан янги қисқа йўналишларга, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтишга йўналтириш бўйича қатор таклифларни ишлаб чиқди.

 

Тадбирда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов бу тўғрисида батафсил маълумот берди.

 

“Шимол-Жануб” коридорининг Шарқий тўғридан-тўғри темир йўл йўналишига муқобил транспорт йўлаги сифатида Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон ҳамда Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон мультимодал транспорт коридорларини ташкил этиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилди.

 

Таклиф этилаётган транспорт йўлакларининг масофаси 1,5–2 бараварга қисқароқ эканлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу мультимодал транспорт коридорлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ҳозирда музокаралар олиб борилмоқда. 

 

Мазкур янги мультимодал транспорт коридорларининг ишга туширилиши транспорт-логистика жараёнлари самарадорлигини оширади. Қолаверса, Марказий Осиё минтақаси орқали Евроосиё давлатларининг йирик савдо бозорлари ўртасида кўрсатилаётган транспорт-логистика хизматлари экспортини ҳамда товарларни мижозга етказиб бериш тезлигини оширишга хизмат қилади.