Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти тушунтирилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
24.03.2023 2237 Yangiliklar

 

 

Транспорт вазирлигида “Бу менинг танловим – бу менинг Конституциям!” деб номланган Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган тарғибот учрашуви ташкил этилди.

 

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, тизим ташкилотлари ходимлари иштирок этишди.

 

Тадбирда Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти тўғрисида сўз юритилди. Жумладан, Қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституциянинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституция қарийб 65 фоизга янгилангани, амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилгани таъкидлаб ўтилди.  

 

Ушбу ўзгартиришларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра, “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

 

Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти юзасидан иштирокчиларга кенг маълумотлар берди.

 

- Бош қомусимизга киритилаётган барча ўзгартишларнинг негизида Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар моҳиятини белгиловчи “Инсон қадри учун” улуғвор ғояси ётганлигини кўришимиз мумкин. Конституциявий ўзгаришларнинг асл моҳияти ҳам шу аслида. Чунки халқимиз ҳозирги тарихий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўла англаб етмоқда. Халқ фикрини ўрганиш асосида мамлакат конституциясини такомиллаштириш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги сифат даражасига кўтариш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш,  Ўзбекистоннинг дунёдаги энг илғор давлатлари қаторига киришига улкан имкониятлар яратади, - деди Жаҳонгир Ширинов.

 

Учрашувда сўз олган маърузачилар кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарар эканлар, Конституциявий қонун лойиҳасидан ўрин олган кўплаб янги модда ва нормаларга батафсил изоҳ ва тушунтиришлар бериб ўтишди.