Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Йўловчилар энди Андижондан Хонободга поездда ҳам борадиган бўлди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
19.03.2021 7845 Yangiliklar

 

Таъкидлаш жоизки, Хонобод шаҳри Қорадарёнинг ўнг соҳилида, вилоят шарқида, Андижон шаҳридан қарийб 80 километр узоқликда жойлашган. Шаҳарга 1972 йилда асос солинган бўлиб, аҳолиси 41 минг кишини, умумий ер майдони эса, 23 километр квадратни ташкил этади. Ўзининг кўркам манзараси, табиатининг гўзаллиги, тоза ҳавоси билан сайёҳларнинг диққатини ўзига жалб қила оладиган ҳудуд десак, асло муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 июн куни Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрига қилган ташрифи чоғида Хонобод шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли дам олиши учун қулайликлар яратиш, ҳусусан темир йўл вокзалини қуриш бўйича берган топшириқлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июндаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудда қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Хонобод шаҳрида темир йўл вокзали қурилди.

Хонобод темир йўл вокзали 50 ўринли бўлиб, бир суткада 500 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Вокзал атрофида бир гектардан ошиқ майдонга турли хилдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ободончилик ишлари амалга оширилди. Ушбу янги вокзалнинг қурилиши билан 20 нафарга яқин янги иш ўрни яратилди.

Янгиланиш ва яшариш айёми бўлган Наврўз байрами арафасида, яъни бугун мазкур темир йўл вокзали фойдаланишга топширилди. Эрта тонгдан Андижон – Хонобод йўналишида биринчи йўловчи поезди ҳаракатини бошлади. Байрамона кайфиятда йўлга чиққан нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар мазкур поезднинг илк йўловчисига айландилар.