Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Дарё транспортида давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
13.04.2022 3608 Yangiliklar

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 апрелдаги 167-сон қарори билан “Дарё транспортида давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланди.

Маъмурий регламент кемаларни рўйхатга олиш, ҳисобини юритиш, ўзгартириш киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини белгилайди. 

Бундан ташқари, у қуйидагилар тўғрисидаги нормаларни ўз ичига олади:

кемаларни қуриш, янгидан жиҳозлаш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш даврида техник кўрикдан ўтказиш, кемаларнинг техник лойиҳа ҳужжатларини келишиш;

кемани дастлабки, навбатдаги, навбатдан ташқари ва ҳар йиллик техник кўрикдан ўтказиш;

кемани қуриш, янгидан жиҳозлаш ва таъмирлаш даврида техник назорат олиб бориш;

техник лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқиш;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш тартиби.

Ички сув йўлларида фойдаланишда бўлган кемалар (спорт кемаларидан ташқари) ҳудудий кемачилик регистри инспекторлари томонидан рўйхатга/қайта рўйхатга олинади ва тегишли техник кўриклардан ўтказилади.
 

Ҳарбий катерларнинг техник ҳолатини аниқлаш зарурати пайдо бўлганда шартномага асосан катерлар ҳам техник кўрикка тақдим этилиши мумкин.

Техник кўрикдан ўтказишнинг асосий мақсади қуйидагилар ҳисобланади:

кемаларнинг техник ҳолатини самарали назорат қилишни ташкил этиш;

кемалар ва жиҳозларнинг техник ҳолатини техник ҳужжатларга мувофиқлигига баҳо бериш;

кемаларнинг хавфсиз сузишини таъминлаш бўйича профилактик ишларни ташкил этиш;

кемаларда авария ҳолатини олдиндан аниқлаш ва уларни бартараф этиш;

кемаларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва иш самарасини ошириш бўйича чоралар ишлаб чиқишда кема эгаларига кўмаклашиш.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси ички кема йўллари, табиий ва сунъий барпо этилган сув ҳавзалари бўйлаб кемаларнинг хавфсиз сузиши, инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, юкларнинг ишончли ташилишини таъминлаш, дарё транспорти соҳасига оид норматив ҳужжатларни ягона умумий ҳужжатга жамлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қарорнинг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган ва мавжуд бўлган кемаларни рўйхатга олиш, ҳисобини юритиш ва уларга Ўзбекистон Республикаси байроғи остида сузиш ҳуқуқини берувчи Кема гувоҳномаси бериш, кемаларни қуриш, янгидан жиҳозлаш учун ишлаб чиқилган техник лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқиш, келишиш ва уларни қуриш, янгидан жиҳозлаш таъмирлаш даврида техник назорат олиб бориш ҳамда улардан фойдаланиш даврида дастлабки, навбатдаги, ҳар йиллик ва навбатдан ташқари техник кўрикдан ўтказиш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматларини тартибга солишдан иборат.

Қарорда кемаларни рўйхатга қўйиш учун талабгорлар томонидан ҳужжатларни махсус шаклдаги ариза-бланкага кема ҳақидаги маълумотларни киритиш орқали тақдим этиш, давлат хизмати кўрсатиш муддати, кемаларни дастлабки, ҳар йиллик, навбатдаги ва навбатдан ташқари кўрикларга тақдим этиш тартиби, техник кўриклар натижаси бўйича Транспорт вазирлигининг Кемачилик регистри бош инспекторлари томонидан расмийлаштириладиган кема ҳужжатлари шакли, кемаларни қуриш, янгидан жиҳозлаш ва таъмирлаш даврида техник назорат олиб бориш, техник лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқиш ва келишиш тартиби келтирилган.

Дарё транспортида кўрсатиладиган давлат хизматлари натижаси бўйича Кемачилик регистри инспекторлари томонидан расмийлаштириладиган кема ҳужжатлари кема эгасига мулк ҳуқуқини, кемаларнинг техник ҳолати яроқли эканлиги, кемалар техник лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ қурилганлиги, таъмирланганлиги ва хавфсизлик талаблари бажарилганлигини тасдиқлайди.

Қарор билан белгиланган қоидаларнинг бажарилиши республикада мавжуд кемаларнинг ҳисобини юритиш, республика давлат бюджети ва тадбиркорлик субъектларининг катта маблағлари ҳисобидан харид қилинган кемаларнинг техник яроқли ҳолатда сақланиши ва улардан фойдаланиш муддатини узайтирилишига, сув ҳавзаларида йўловчи ва юкларнинг хавфсиз ва ишончли ташилишига хизмат қилади.

Шунингдек, қарор билан Транспорт вазирлигининг ҳудудий кемачилик регистри инспекторларининг кемаларни рўйхатга олиш, кема реестрини юритиш ва унга ўзгартиришлар киритиш, кемаларни қуриш, янгидан жиҳозлаш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш даврида техник кўрикдан ўтказиш, кемаларда техник ҳужжатлар, уларга ўрнатилган материал ва буюмларда мувофиқлик сертификатлари мавжудлигини аниқлаш, кеманинг назорат остида бўлган объектларини текшириш, ўлчаш, амалда ишлатиб кўриш ва синов ишларини ўтказиш, кемани қуриш, янгидан жиҳозлаш ва таъмирлаш даврида назорат остида бўлган технологик жараёнларни келишиш ва назорат қилиш, кемага ўрнатилган материал ва буюмларнинг маркировка ва тамғаларини текшириш ҳамда кемаларнинг техник ҳолатини ва сузишга яроқли эканлигини тасдиқловчи кема ҳужжатларини бериш бўйича ваколатлари белгилаб қўйилган.

Кемаларни дастлабки, навбатдаги, навбатдан ташқари ва ҳар йиллик техник кўриклардан ўтказиш тартиби ва текширилиши лозим бўлган назорат остидаги объектлар кўрсатиб ўтилган.

Тадбиркорлар учун ўзларига тегишли бўлган кемаларни рўйхатга/қайта рўйхатга қўйиш ва уларни техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида аризани Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Транспорт вазирлигининг веб-сайти орқали ёки ўзлари жойлашган манзил бўйича Транспорт бошқармасига, ўзлари танлаган йўл билан тақдим этилиши кўзда тутилиб қулайлик яратилган.

Қарор билан дарё транспортида давлат хизматлари кўрсатишнинг аниқ муддатлари, тадбиркорлик субъектлари ва дарё транспортида бошқарув органларининг ўзаро муносабатлари қатъий белгиланиб, кўрсатиладиган давлат хизматлари муддатини асоссиз чўзишларга йўл қўйилмайди.