Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича уч томонлама ҳужжат имзоланди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
18.05.2023 3240 Yangiliklar

Бугун, 2023 йил 18 май куни Хитой Халқ Республикасининг Сиан шаҳрида Хитой Халқ Республикасининг тараққиёт ва ислоҳотлар Давлат қўмитаси, Қирғизистон Республикаси транспорт ва коммуникациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги ўртасида “Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича кейинги босқичларни назарда тутувчи уч томонлама ҳужжат имзоланди.

 

Бугунги кунга келиб, ушбу лойиҳа бўйича томонлар “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва техник-иқтисодий асосларини уч томонлама қўшма баҳолаш ишларини амалга оширдилар, кейинчалик эса экспертиза ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур ҳужжат ушбу лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичларини белгилаб, қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш, инвестициялар ва молиялаштириш моделини ўрганиш ва аниқлашни ўз ичига олади.

 

Ушбу лойиҳа минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам бериб, Марказий Осиё давлатларининг транспорт коридорларини диверсификация қилиш ва минтақанинг халқаро транспорт-транзит маркази сифатида рақобатбардошлигини оширишни ўз олдига мақсад қилган.

 

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг умумий узунлиги тахминан 454 километрни ташкил этади, шундан 280 километр Қирғизистон ҳудудидан ўтиши режалаштирилган. Линияда умумий 18 та станция, узунлиги 26,1 км 81 та катта ва ўрта кўприклар, узунлиги 120,39 км 41 та туннел қурилади. Кўприклар ва туннелларнинг жами узунлиги 146,49 км бўлиб, бу линия умумий узунлигининг 47,0% ни ташкил қилади.

 

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Жанубий Европа мамлакатларига бўлган йўлни тахминан 900 км, юк етказиб бериш муддатларини эса 7-8 суткага камайтиради. Дастлабки прогнозларга кўра, юк ташиш ҳажми йилига 12-15 миллион тоннани ташкил этади.