Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Туризм соҳасида логистикани ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
11.11.2021 4507 Yangiliklar

 

Транспорт вазирлигида Туризм ва спорт вазирлиги мутасаддилари ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган туризм соҳаси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда транспорт логистикасини ривожлантириш ҳамда туризм соҳасида транспорт хизматларини кўрсатишдаги мавжуд муаммолар муҳокама этилди.

Транспорт вазирининг туризм соҳасида транспорт логистикасини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т.Б.Аллаяров раҳбарлигида бўлиб ўтган учрашувда туриндустрия вакиллари ўз фаолияти давомида юзага келаётган муаммоли масалалар ва уларнинг ечими юзасидан Транспорт вазирлиги тизим ташкилотлари вакиллари билан фикр алмашишди.

Хусусан, транспорт қатновлари ва логистика билан боғлиқ масалалар, маҳаллий ва халқаро йўналишларда бажарилаётган авиақатновлар, авиа ва темир йўл чипталарини сотиб олиш жараёнлари, сайёҳлик автoбуслари қатновлари билан боғлиқ жиҳатлар муҳокамалар марказида бўлди.

Учрашувда иштирок этган сайёҳлик компаниялари вакиллари маҳаллий йўналишларда авиақатновлар сонининг оширилгани, чипталарни авиакомпания сайтидан сотиб олганда тақдим этилаётган чегирмалар, Афросиёб поездлари қатновларининг кўпайтирилгани ва темир йўл кассаларининг иш фаолияти 24 соат давомида ташкил этилганлигини алоҳида эътироф этишди.   

Шунингдек, учрашув давомида бир нечта масалалар жумладан, транспортнинг барча турлари бўйича батафсил маълумотларни қамраб олган, ўзаро интеграциялашган ягона портални яратиш, айрим йўналишлардаги авиа ва темирйўл қатновлари жадвалини сайёҳларга янада қулай қилиб қайта ишлаб чиқиш, йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди.

Томонлар туризм соҳасидаги логистика хизматларини ривожлантириш йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга, шунингдек,  долзарб  масалаларни муҳокама қилиш учун мунтазам учрашувлар ташкил этишни давом эттиришга келишиб олдилар.