Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт ташкилотлари масъулиятдан холи бўлмайди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
01.03.2021 4149 Yangiliklar

 

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари ишчи гуруҳлари бир қатор қонун лойиҳаларини такомиллаштириш устида фаол иш олиб боришмоқда.

Хусусан, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи аъзолари “Транспорт тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маромига етказишда қўмиталар, фракциялар таклифларини ўрганишмоқда.  

Таъкидлаш жоиз, қонун лойиҳасининг мақсади — автомобиль, ҳаво, сув ва темир йўл ва шаҳар йўловчи транспорти фаолияти ва ҳамкорлигининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилашдан иборат. Унда Транспорт вазирлигининг биринчи навбатдаги вазифаларидан бири сифатида ягона транспорт тармоғига интеграциялаш ва янги самарали транспорт-логистика тизимларидан фойдаланиш асосида транспортнинг барча турларини уйғунликда ривожлантиришга йўналтирилган ягона давлат транспорт сиёсати ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Фарҳод Зайниевнинг қайд этишича, бугунги кунда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан билдирилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар асосида пишиқ-пухта ҳолатга келтирилмоқда. Айрим ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритиляпти. Хусусан, қонун лойиҳасига умумий ўнга яқин тўлдиришлар киритилди. Лойиҳанинг асосий тушунчаларга оид моддаси қайтадан кўриб чиқилди ҳамда аралаш ташиш тушунчаси Фуқаролик кодексига мувофиқлаштирилди.

Бундан ташқари, қонуннинг предмети бўлмаган ва бошқа қонунлар билан тартибга солинадиган нормалар чиқариб ташланди. Лойиҳанинг 29-моддаси транспорт ташкилотларининг жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигини, транспорт инфратузилмаси объектларидан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаши шартлиги тўғрисидаги қисм билан тўлдирилди.

Транспорт инфратузилмаси объектларига йўловчилар, юк жўнатувчилар, юк қабул қилувчилар, ташувчилар ва транспорт жараёнининг бошқа иштирокчиларига хизмат кўрсатиш, шунингдек, транспорт воситаларининг ишлашини таъминлаш учун мўлжалланган тузилмалар, ишлаб чиқариш ва технологик комплекслар киради. Қонун лойиҳаси билан киритилаётган чекловлар ишларнинг реал ҳолатини ҳисобга олмаслиги ва фойдаланилмаётган бинолар ижарага берилишини тақиқлагани сабабли тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкин. Шу муносабат билан қонун лойиҳасида транспорт инфратузилмаси объектларининг ишлаши ва хавфсизлиги таъминланишига тўсқинлик қиладиган иқтисодий ва бошқа фаолиятни амалга оширишга ҳамда транспорт хизматларини кўрсатишга йўл қўйилмаслиги янги таҳрирда баён қилинмоқда.

Келгусида мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши транспорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштиришга, республиканинг транспорт соҳасида инвестициявий жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини оширишга, транспорт коммуникацияларини стратегик ривожлантириш ва барқарор фаолият кўрсатишини, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Транспорт кодексини ишлаб чиқилишига платформа яратилади.