Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Навоий – Бухоро йўналишида “Афросиёб” поездларининг ҳаракатланиши учун қўшимча йўл қурилмоқда

Чоп этиш Саҳифани улашиш
17.06.2021 5061 Yangiliklar

 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Навоий – Бухоро участкасида электрлаштирилган иккинчи юқори тезликдаги темир йўл қурилиши” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Қарши ҳамда Тошкент – Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган “Афросиёб” поездларининг мунтазам қатнови амалга оширилади. “Тошкент – Самарқанд – Мароқанд” участкаси 2 йўналишли пўлат излардан ташкил топган бўлса, Навоий – Бухоро йўналиши бир изли темир йўл участкасидан иборат.

Шу боис Ўзбекистон темирйўлчилари томонидан бир изли “Навоий – Бухоро” участкасида 2-йўналиш учун темир йўлни бунёд этилиши натижасида тезюрар ҳамда юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар қатновини қулай, хавфсиз ва ишончли бўлишига замин яратади. Энг муҳими йўловчи поездлар қатнови вақтини янада қисқартиришга эришилади.

“Навоий – Бухоро” участкасининг 2-йўналиши узунлиги 92,3 километрдан иборат бўлиб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари ҳисобига барпо этилмоқда. Белгиланган лойиҳага кўра ушбу участкада 3 та разъезд, 1 та темир йўл ўтказгичини қуриш, 12 та темир-бетон кўприк, 49 та сунъий иншоот қурилиши ҳамда 3 та техник хизмат кўрсатиш биносини қуриш кўзда тутилган.

Бугунги кун ҳолатига кўра “Навоий – Бухоро” участкасида ер ишлари бўйича умумий 92,3 километрдаги жами 2107,2 минг м3 тупроқ кўтарма ишларидан 1562 минг м3 тупроқ кўтарма ишлари амалга оширилиб, қолган 545,2 минг м3 тупроқ кўтарма ишларида қурилиш жараёни давом этмоқда. Мазкур темир йўл участкасида 47 та сунъий иншоот қурилиб, яна 2 тасида ишлар давом эттирилмоқда.

“1-сонли Энергомонтаж поезди ” унитар корхонаси мутахассислари томонидан 10 кВ ли электр таъминот ҳаво линиясини кўчиришда СВ110-3, 5 1605та темир-бетон таянчлар ўрнатилди, 60 километр симлар тортилди. 3 та қўриқланадиган темир йўл кесишмасида “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси ходимлари томонидан қурилиш монтаж ишлари олиб борилмоқда. Янги қурилаётган темир йўл линиясида 55,6 километр тупроқ кўтарма ишлари тугатилди. 47 километрга қум шағал тўшамаси ётқизилди.

Айни пайтда лойиҳадаги 5 та темир-бетон кўпригини қуриш учун пойдевор тайёрлаш ишлари бажарилмоқда. “Қуйимозор – Разъезд-40” оралиғида эса 2 километр темир йўл излари ётқизилди. Бунинг учун қурилиш объектларида юздан ортиқ замонавий техникалардан унумли фойдаланилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, ушбу лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгач, эксплуатацион харажатларни камайтиришга эришилади. Ҳаракат тезлигини ошириш ҳисобига истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш имконияти яратилади. Янги темир йўл участкасини қуриш орқали ўтказувчанлик қобилиятини кўтариш, янги иш жойларини ташкил қилиш, юк вагонлари айланмасини ортиши ҳисобига ҳаракат таркибига бўлган талабни қисқартириш, лойиҳа ҳудуди экологик муҳитини яхшилаш, замонавий коммуникация тизимини ва ресурс тежаш технологияларини ривожланишини таъминлашга муваффақ бўлинади.

 

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ахборот-таҳлилий медиа маркази