Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Тошкентда “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ўтказилади

Чоп этиш Саҳифани улашиш
24.11.2022 2407 Yangiliklar

 

Жорий йилнинг 30 ноябрдан 2 декабргача Тошкентда “Ипак йўлида туризм-2022" 27-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси (ТХТЙ) бўлиб ўтади.

 

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, “Миллий ПР маркази” давлат унитар корхонаси, "The SAYS LOT" МЧЖ вакили SAYS кўргазма компанияси ярмарка ташкилотчиларидир. Ярмарка “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонида ўтказилади.

 

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси туризм маҳсулотларини тарғиб қилиш, ишбилармонлик алоқалари ва ҳамкорликни йўлга қўйишга ёрдам берувчи ахборот майдончасидир. ТХТЙ 1995 йилдан бери БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказиб келинмоқда. Кўргазма ҳар йили сайёҳлик соҳасининг юзлаб мутахассисларини жамлаб, ушбу соҳани халқаро миқёсда ривожлантириш учун шароит яратиб келмоқда.

 

ТХТЙ-2022 доирасида конференциялар, Б2Б учрашувлари, давра суҳбатлари, сайёҳлик хизматлари ва ҳунармандчилик кўргазмалари, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига эга ҳудудларининг тақдимотлари, миллий таомларни тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказиладиган гастро-бозор ташкил этилади.

 

Ярмарка бутун дунёдан сайёҳлик бизнеси мутахассисларини бирлаштиради ва ушбу соҳанинг барча вакиллари: етакчи сайёҳлик ва транспорт компаниялари, авиакомпаниялар, йирик меҳмонхоналар тармоқлари, дипломатик корпуслар ва туризм соҳасидаги таълим муассасалари ходимлари учун манфаатли бўлади.

 

ТХТЙ доирасидаги форум спикерлари сифатида туризм соҳасидаги етакчи халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирок этадилар. Ярмаркага ташриф буюрувчилар ва иштирокчилар янги сайёҳлик йўналишлари билан танишиш, мамлакатдаги янги манзилларнинг туристик салоҳиятини баҳолаш, Ўзбекистон ҳар бир ҳудудининг ранг-баранг муҳити, маданияти ва анъаналарига шўнғиш учун ноёб имкониятга эга бўладилар.

 

ТХТЙнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 2019 йил январь ойида Президент Шавкат Мирзиёев “Туризмни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳар йили ўтказиладиган “Ипак йўлидаги туризм” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Айнан шу ҳужжатлар халқаро туризм ярмаркаси ривожланишининг ижобий динамикасини белгилаб берди.

 

www.titf.uz сайтида онлайн рўйхатдан ўтиш орқали ТХТЙ-2022 меҳмони бўлиш ва тадбирга ташриф буюриш қоидалари билан танишиш мумкин.

 

Батафсил маълумот www.titf.uz сайти ёки +998 (78) 129 09 90 рақами орқали олинади.