Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Чартер парвозлар учун рухсатнома олиш ва рейсларнинг жорий ҳолатини текшириш тартиби

Чоп этиш Саҳифани улашиш
21.12.2021 4206 Yangiliklar

 

Жаҳон амалиётида бир марталик (чартер) рейслар одатда мунтазам қатновлар бажарилмайдиган ороллар ва курортларда дам олишни хоҳловчилар учун сайёҳлик агентликлари томонидан ўз мижозлари учун буюртма қилинади.

Covid-19 пандемияси даврида режалаштирилган рейсларга киритилган чекловлар туфайли кўплаб авиакомпаниялар чартер рейсларга – бир марталик рейсларни бажариш амалиётига ўтган.

Одатда, чартер рейслари мижозларнинг сонидан келиб чиқиб ташкил этилади ва чипта жўнаб кетиш куни ёки самолётга чиқишдан олдин расмийлаштирилади. Чартер қатнови ташкилотчиси парвозни тайёрлаш юзасидан барча масъулиятни ўз зиммасига олади. Хусусан, чартер қатновини амалга ошириш юзасидан барча зарурий ҳужжатларни тайёрлайди. Яъни чартер қатнови орқали парвоз этмоқчи бўлган йўловчи рейсни ташкил этиш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммога дуч келмаслиги таъминланиши лозим.

Амалдаги тартиб шундай бўлишга қарамасдан, пандемия даврида баъзи бир виждонсиз буюртмачилар томонидан Ўзбекистон аэропортларига чартер рейсларини амалга ошириш учун Ўзбекистоннинг ваколатли органидан ўрнатилган тартибда тегишли рухсат олмасдан авиачипталарни сотиш билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда.

Шу ўринда, Транспорт вазирлиги чартер қатновлари орқали парвоз этмоқчи бўлган йўловчиларнинг турли муаммоларга дуч келмаслигини олдини олиш мақсадида авиачипталарни харид қилишдан аввал Транспорт вазирлиги ҳузуридаги "Ўзавиация" агентлиги расмий веб-сайтининг бош саҳифасида режалаштирилган рейс (парвоз)ларнниг ҳолати билан (https://uzcaa.uz/ru/table) танишиб чиқишни тавсия этади.

Шунингдек, ушбу сайтда бир марталик рейслар буюртмачиларнинг хорижий давлатлар фуқаро авиацияси операторларига Ўзбекистон аэропортларига бир марталик парвозларни амалга ошириш учун аризаларни электрон шаклда топшириш ва рухсатномалар бериш тизими ишлаб чиқилган.

Мазкур электрон платформа бир марталик парвозга рухсат олиш юзасидан онлайн сўровларни юбориш бўйича мурожаат этувчилар учун ниҳоятда қулай тизимдир. Зеро, ушбу тизим орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишда "Ўзавиация" агентлигининг “Uzbekistan Airports” АЖ ва "Ўзаэронавигация" ДУК билан тезкор ўзаро ҳамкорлиги таъминлаган бўлиб, хорижий авиакомпанияларнинг бир марталик (чартер) рейслари бўйича сўровномалари ўрнатилган тартибда ўз вақтида кўриб чиқилади.  

Бундан ташқари буюртмачилар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигига инглиз ёки рус тилларида https://uzcaa.uz/ru/permission ҳаволаси орқали кечаю кундуз сўров юбориш имкониятига ҳам эгадир.