Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Халқаро аэропортларга энг яхши ном беришга доир танлов муддати узайтирилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
30.10.2020 4748 Yangiliklar

 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва "Ўзбекистон аэропортлари" АЖ ҳудудлардаги халқаро аэропортларимизга энг яхши ном беришга доир танлов муддатини 2020 йилнинг 5 ноябрига қадар узайтирди.

Танловнинг мақсади Ўзбекистондаги халқаро аэропортларга энг яхши ном топиш жараёнига кенг жамоатчиликни жалб қилишга йўналтирилган. Тошкент шаҳар Ислом Каримов номли ҳамда Андижон шаҳар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли аэропортлар бундан мустаснодир.

Мазкур танловда иштирокчининг фуқаролигидан қатъи назар, 16 ёшдан ошганлар, жумладан, талабалар, ижодкорлар, олимлар, тарихчилар ва мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш истагида бўлган барча кишилар иштирок этиши мумкин.

Танловда иштирок этиш шартлари: 

Танлов тартиби ва шартлари билан қуйидаги сайтлар орқали танишиш мумкин: https://uzbektourism.uz, https://mintrans.uz, https://uzbairports.uz; 
 
Номнинг ноёб версиясини ўйлаб топиш ва унинг аҳамиятига изоҳ бериш;
 
Ҳар бир ном лойиҳасини (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) ғоя тавсифи билан tanlov@uzbektourism.uz электрон манзилга юбориш;
 
Танлов эълон қилинган кундан икки ой ўтгач, вазирликлар, идоралар ва жамоатчилик вакиллари ва таниқли тарихчилардан иборат комиссия келиб тушган таклифлар орасидан ҳар бир аэропорт учун 5 тадан лойиҳа танлаб олади.
 
Ушбу лойиҳалар икки ой муддатга онлайн овоз бериш учун https://uzbektourism.uz веб-сайтига жойлаштирилади. Онлайн овоз бериш натижалари бўйича ғолиблар Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва "Ўзбекистон аэропортлари" АЖнинг расмий сайтларида эълон қилинади.
 
Комиссия энг яхши лойиҳаларни танлашда қуйидаги мезонларга таянади: 
 
номнинг ўзига хослиги ва жозибадорлиги;
номнинг аэропорт жойлашган ҳудудлар салоҳияти (тарихий, маданий, табиий ва бошқалар) билан уйғунлашуви;
муаллифнинг этика ва тил маданиятига риоя қилиши (ҳақоратловчи ёки шаънга тегувчи сўзлар бўлмаслиги ҳамда ушбу ном салбий таассурот уйғотмаслиги лозим)
универсаллик ва ихчамлик.
 
Таклифлар фақат онлайн тарзда қабул қилинади. Лойиҳалар иштирокчининг шахсий маълумотлари (тўлиқ исми шарифи, ёши, иш фаолияти, яшаш жойи, телефон рақами), аэропорт номлари бўйича таклифи, шунингдек ғоя тавсифи ва ҳудуд учун аҳамияти ҳақидаги изоҳ билан бирга тақдим этилади. Танлов учун тақдим этилган таклифлар (номлар, унинг вариантлари ва изоҳлар) муаллифларга қайтарилмайди.
 
Материаллар tanlov@uzbektourism.uz электрон манзилга юборилаётганда “мавзу” устунига “Аэропорт номи” деб ёзиш лозим.
 
Танловда иштирок этиш, ғолиб бўлган тақдирда, тақдим этилган ном вариантини қўллашга доир мутлақ ҳуқуқни танлов иштирокчиларига автоматик равишда тақдим этишни кўзда тутади.