Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Гендер тенгликка оид меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан “Тошкент-паст углеродли транспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири яшил йўлакларни жорий этиш ва электробус ҳаракатларини йўлга қўйишда давлат сиёсати ва маҳаллий ҳокимият органлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга татбиқ қилишга кўмаклашишдан иборат.

Шунингдек, яшил инфратузилма лойиҳаларини жорий этиш, аёллар иштирокини таъминлаш лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири.

Қонун ҳужжатлари таҳлил қилинганда аёлларга юк кўтариши 2,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари ва йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошган автобусларни бошқаришга рухсат этилмаслиги аниқланди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида” 2019-йил 7-мартдаги ПҚ-4235-сон қарорига мувофиқ 2019-йил 1-майдан аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилиниши белгилаб қўйилган.

Бироқ, баъзи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда юқоридаги чекловлар сақлаб қолинган.

Транспорт вазирлиги томонидан бугунги кунда аёлларга юк кўтариши 2,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари ва йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошган автобусларни бошқаришга рухсат берилишини назарда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Мазкур қарор қабул қилиниши натижасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомийлиги таъминланади ҳамда аёлларга қўшимча касб ва соҳаларда меҳнат фаолиятини олиб бориши учун ҳуқуқий асос мустаҳкамланади.  

Қайд этиш жоизки, замонавий автотранспорт воситаларининг техник хусусиятлари аёлларга ушбу соҳаларда қулай бўлиши ва соғлиқлари учун зарарсиз меҳнат фаолиятларини олиб бориши учун имконият яратади.