Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт иншоотлари лойиҳаси кўриб чиқилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
15.11.2021 4627 Yangiliklar

 

Президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимиз тараққий этгани сари шаҳарлар ҳар томонлама ўсиб бормоқда. Пойтахтимизда ҳам замон талабларидан келиб чиқиб, янги йўл ва кўприклар қурилмоқда, транспорт йўналишлари кенгайтирилмоқда.

Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида янги метро йўналишлари қурилиб, аҳоли учун катта қўлайликлар яратилди. Тошкент метрополитенини янада ривожлантириш мақсадида “Буюк ипак йўли” бекатидан Тошкент трактор заводи даҳасигача ерости йўли ҳамда ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Тақдимотда шу борадаги лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди. Масалан, янги ерости йўлини Мирзо Улуғбек кўчаси ёки Буюк ипак йўли кўчаси орқали олиб ўтиш устида ишланмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, биринчи ҳолатда йўл узунлиги 8,6 километр, кунлик йўловчилар сони  62 минг бўлади. Иккинчи вариантда эса масофа салкам 8 километр бўлиб, кунига 55 минг кишига хизмат кўрсатилиши мумкин. Қурилиш ишлари беш йилга мўлжалланган.

Ерусти метросининг иккинчи босқичи ҳам муҳим лойиҳа. Унга кўра, Қўйлиқ даҳасидан Сергели йўлининг 5-бекатигача 11 километрдан зиёд эстакада қурилади. Бекатлар сони еттита бўлиши, кунига 38 минг йўловчи ташилиши кутилмоқда.

Яна бир лойиҳага кўра, Бобур кўчасидан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгичи кенгайтирилиб, ёнида ҳалқа шаклида айланма кўприк қуриш кўзда тутилган.

Тақдимотда ушбу лойиҳаларнинг техник-иқтисодий масалалари муҳокама қилиниб, давлатимиз раҳбари лойиҳаларни қулайлик, хавфсизлик ва сифат жиҳатидан такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди.